Янгиликлар

“Давлат бошқарувида рақамлаштириш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани  28.07.2019 10:36

2019 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Давлат бошқарувида рақамлаштириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари, шунингдек Академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этишди.

Илмий–амалий анжуманни кириш сўзи билан Давлат бошқаруви академияси проректори Боту Алимов очиб берди. У ўз нутқида ўтказилаётган тадбирнинг асосий ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида келтирилган давлат бошқарувини рақамлаштириш тўғрисидаги фикрларига мос ҳолда, иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган “Рақамли иқтисодиёт” миллий концепциясини ишлаб чиқариш зарурлигига қаратилганлигини таъкидлаб ўтди

Конференцияда давлат бошқарувини рақамлаштиришнинг аҳамияти, блокчейн технологиялари ва давлат бошқарувида ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммолари кўриб чиқилди.

Конференцияда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурининг ишлаб чиқарилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши, ялпи ички маҳсулотдаги ўрнини камида 30 фоизга ўстириш лозимлиги, бу эса ўз навбатида аҳолига қулайликлар яратиши, коррупцияни кескин камайтириши яна бир бор таъкидланди.

Шунингдек, хорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, давлат бошқарувида рақамли интеграцияни тўғри йўлга қўйилганлиги давлат бюджет маблағларини иқтисод қилишга олиб келади. Ўз навбатида рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги ўрни ошиб боришига сабаб бўлади, бу албатта очиқлик ва шаффофликни таъминлаган ҳолда коррупцияни олдини олади.

Корференцияда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832 қарорида «Блокчейн» технологиялари, «сунъий ақл», суперкомпьютерлар имкониятларидан рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда фойдаланиш, «Блокчейн» технологияларини давлат бошқаруви тизими ҳам жорий қилиш бўйича белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Бугунги “Давлат бошқарувида рақамлаштириш: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги республика илмий-амалий анжуманида иштирокчилар давлат бошқарувини рақамлаштиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш, давлат бошқарувини рақамлаштиришда мавжуд муаммолар, уларни таҳлили ва амалга ошириш йўллари, блокчейн технологияларини қўллаш, давлат бошқарувида ахборот хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор бериш бўйича ўз тақдимотлари билан иштирок этадилар.

Конференцияда давлат бошқарувини рақамлаштиришда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш ҳамда улар асосида Ўзбекистон учун энг мақбул таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни тегишли ташкилотлар билан доимий равишда уларни тадбиқ этиш бўйича ишлар олиб боришга келишиб олинди.